Аммонитлар (молюскалар туркуми)
Аммонитлар (Аммоноидеа) – бош-оёқли моллюскалар туркуми. Девон даврида пайдо бўлиб, триас ҳамда юра даврларида кенг тарқалган. Бўр даврининг охирида қирилиб кетган. Аммонитлар танаси диаметри 1 м гача бўлган ясси спирал кўп камерали чиғаноқ ичига жойлашган. Чиғаноғининг биринчи камерасида ҳайвон танаси жойлашган, бошқа камералари ҳаво билан тўлган бўлиб, юмшоқ ўсимта – ингичка найча орқали туташган. Ҳалок бўлган аммонитларнинг чиғаноғи вақт ўтиши билан чўкинди жинслар билан тўлиб, тошга айланган. Унинг тошга айланган шакли ҳозиргача сақланиб қолган. Аммонитлар, асосан, денгизда яшаган, шунинг учун улар қолдиқлари топилган жой денгиз бўлганидан дарак беради. Жумладан, Ўзбекистоннинг жанубий қисмида ўрта ва юқори юра даврида катта денгиз ҳавзаси бўлган. Аммонитларни ўрганиш геологияда катта аҳамиятга эга. Аммонитларнинг тарқалишига қараб ернинг устки қобиғи ярусларга бўлинади ва қатламларнинг ёши аниқланади. Масалан, Жанубий Ўзбекистон ва Туркманистоннинг геологик ёши аммонитлар ёрдамида аниқланган.
Адабиётлар
[edit | edit source]- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |