Ақиқа
Ақиқа (араб.- „чақалоқ сочини олиш, қурбонлик сўйиш“) — мусул-мон оилаларида янги туғилган болага исм қўйиш ва „қорин сочи“ (боланинг туғилгандаги сочи)га қайчи уриш билан боғлиқ одат. Жоҳилият давридаги турли маъбуд ва маъбудаларга атаб қилинадиган курбонликлар ўрнига мусулмон оиласида фарзанд туғилганлигининг шукронаси сифатида бир қўй сўйиб (имкониятга караб) А. маросимини ўтказишлик жорий этилган. Ислом анъанасида А.ни чақалоқ туғилган куннинг 7 ёки 14, ёхуд 21 кунлари ўтказиш тавсия этилади. Бу кунларда А. ўтказилмай қолинса, сўнг қайси кун-да, қачон амалга оширилса ҳам вазифа бажарилган ҳисобланаверади. [1]
Ақиқа қурбони фарзанд туғилгандан бошлаб вояга этгунча қилиниши мумкин, фақат эттинчи куни қурбонлик сўйилиши кўпроқ фазилатлидир. Фарзанд туғилгач эттинчи куни унга исм қўйилади ва сочини олиб, чиққан сочи оғирлигида олтин ёки кумуш садақа қилинади. Ақиқа қурбонлиги учун бир қўй сўйилиши этарлидир. Ўғил фарзанд учун иккита қўй сўйилиши керак деган қарашлар ҳам мавжуд.
„Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ўғил фарзанд учун иккита, қиз фарзанд учун бир қўйни ақиқа сифатида қурбон қилишимизни буюрдилар“ Ибн Можа, 3163-ҳадис.
Яна ҳазрати Оиша розиаллоҳу анҳумадан қилинган ривоятга кўра Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан ва Ҳусанлар (р.а) туғилгач эттинчи куни ақиқа қурбонлиги сўйдириб, уларга исм қўйганлар. (Тажриди Сариҳ таржимаси, ХИ, 401)
Исломдан аввал жоҳилия даврида араб жамиятида фақат ўғил фарзандлар учун қурбонлик сўйилар, қизлар учун бундай маросим умуман ўтказилмас эди. Ислом бунга чек қўйиб, қиз фарзандлар учун ҳам эътибор берилишини таъминлади.
Манбалар
[edit | edit source]http://uzislam.com (Wайбаcк Мачине сайтида 2017-01-31 санасида архивланган)
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |