Jump to content

Фаттоҳхон Мамадалиев

From Vikipediya
Фаттоҳхон Мамадалиев
Таваллуди 1923-йил 25-август
Вафоти 1999-йил 3-апрел
Тошкент
Касби Қўшиқчи, созанда, бастакор
Унвони Меҳнат шуҳрати ордени

Фаттоҳхон Мамадалиев (1923-йил 25-август, Андижон – 1999-йил 3-апрел, Тошкент, Балиқчи туманида дафн этилган) – қўшиқчи, созанда (ғижжак, танбур, дутор) ва бастакор. Ўзбекистон халқ ҳофизи (1990)[1].

Биографияси

[edit | edit source]

Фаттоҳхон Мамадалиев 1923-йил 25-августда Андижон вилоятининг Эски Ҳаққулобод қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келган. Ёшлигидан мусиқа чалиш, қўшиқ айтишга иштиёқи баланд бўлган.

Фаттоҳхон Мамадалиев 1960-йили Андижон педагогика институтини тугатган. Ашула, катта ашула ва мақом йўлларини Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Умрзоқ Полвон Сайдали, уста Рўзиматхон Исабоев, Б. Файзиев, шунингдек, Абдулла Тараз ва Юнус Ражабийлардан ўрганган.

Фатоҳхон Мамадалиев Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Избоскан туманларида маданият саройлари қошида мақомчилар ансамблини ташкил қилган.

Фаттоҳхон Мамадалиев 1944—1960-йилларда Андижон вилоятининг турли театрларида созанда-хонанда, 1960— 1967-йилларда Андижон педагогика институтида ўқитувчи бўлиб фаолият юритган.

Фаттоҳхон Мамадалиев 1968-йили турли ўқув юртларидан, хар-хил ташкилотлардан иқтидорли йигит-қизларни топиб, Андижон шаҳридаги 2- маданият уйи қошида „Мақомчилар“ ансамблини ташкил қилди ва унга бадиий раҳбарлик қилди[2].

Ўзбекистонда 1972-йили ҳаваскор созанда, хонанда ва раққосалар учун „Марҳабо, талантлар“ республика телетанлови бўлиб ўтган[2]. Ушбу танловда СССР халқ артистлари Мукаррама Турғунбоева, Ҳалима Носирова, Саодат Қобуловалар ҳакамлик қилган ва Фаттоҳхон Мамадалиев бошчилигида ижро қилинган „Қашқарчаи мўғулчаи дугоҳ“, „Соқиномаи мўғулчаи дугоҳ“ни энг олий – 10 балл билан баҳолаганлар.

Фаттоҳхон Мамадалиев 1983-йилдан ўзбек давлат филармонияси хонандаси, 1984-йилдан Тошкент консерваторияси ўқитувчиси ва 1992-йилдан профессор бўлган.

Фаттоҳхон Мамадалиев Восит Саъдулланинг „Эй тонг ели“, Ҳайитбой Азимийнинг „Сўрмаса кўнгул“, Ҳайдар Яҳёев қаламига мансуб „Деҳқонларим“ каби қўшиқларни ижро қилган.

Фаттоҳхон Мамадалиевнинг овози тиниқ, ширали ва дардли, овоз кўлами ва нафаси кенг; ижросига куй билан шеър узвийлиги, овоз ва чолғу имкониятларини моҳирлик билан намоён этилиши хосдир[1]. Репертуаридан Фарғона – Тошкент мақом йўллари, Шашмақом шўъбалари, ашула, катта ашула, ялла, ўзбек мумтоз ашула ва чолғу туркумлари, бастакорлар асарлари („Ол хабар“, „Эй дилбари жонон“, „Бузрук И—ИИИ“, „Сарахбори Наво“, „Эй, сабо“ ва бошқалар) ўрин олган.

Ўзбек мумтоз ва замонавий шоирлар ғазаллари заминида 50 дан ортиқ ашулалар („Дарди дилим“, „Дўст билан, улфат билан“, „Интизор“ ва бошқалар) яратган, шунингдек, шоира Нодиранинг „Оқибат“, „Соғиндим“, Муқумийнинг „Ким десун“, Фурқатнинг „Адашганман“ сингари ғазаллари Фаттоҳхон Мамадалиев томонидан ижро қилинган.

Фаттоҳхон Мамадалиев сўнгги даврдаги туркум асарлари („Муножот И—Й“, „Мискин 1—Й“, „Насруллойи И—ИВ“, „Ушшоқ“ ва бошқалар)да ўзбек мусиқа меросининг муайян намуналарини нозик жилолар билан сайқаллаштирди.

Фаттоҳхон Мамадалиев 5 қисмли „Савти Фаттоҳхон“ ашула туркумини басталаган, „Қадимги Ушшоқ“, „Умрзоқ Полвон Ушшоқи“, „Зикри Ушшоғи“ мақом йўлларини тиклаган.

Фаттоҳхон Мамадалиев 1999-йили 3-апрелда Тошкентда вафот этган.

Мукофотлари

[edit | edit source]

Фаттоҳхон Мамадалиев 1997-йили „Меҳнат шуҳрати“ ордени, 1998-йили „Эл-юрт ҳурмати“ ордени билан тақдирланган, 1990-йилда „Ўзбекистон халқ хофизи“ унвонлари билан тақдирланган. Шунингдек, 1993-йилда Тошкент давлат консерваторияси илмий кенгаши Фаттоҳхон Мамадалиевга „Анъанавий қўшиқчилик“ кафедраси профессори илмий унвонини берган[2].

Хотираси

[edit | edit source]

17-июн 2021-йили Қўқон шаҳрида Фаттоҳхон Мамадалиев хотирасига бағишланган мақом кечаси ташкил этилган. Консерт дастурида замонавий мумтоз санъатининг вакиллари Ҳасан Ражабий, Гулбаҳор Эрқулова, Муножат Тешабоева, Аҳмаджон Дадаев, Озодбек Тилланазаров, Абдулаҳад Абдурашидовлар ўз куй-қўшиқлари билан чиқишлар қилган[3].

Манбалар

[edit | edit source]
  1. 1,0 1,1 ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. 2,0 2,1 2,2 Маҳмудов, Авазбек. Андижон сан'ати фидоийлари, То'лдирилган 2-нашр, Академнашр, 2018 — 226-бет. ИСБН 978-9943-5226-4-0. Қаралди: 13-июн 2023-йил. 
  3. „Қўқонда Фаттоҳхон Мамадалиев хотирасига бағишланган мақом кечаси бўлиб ўтди“ (17-июн 2021-йил). Қаралди: 13-июн 2023-йил.[сайт ишламайди]

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • Миллий мусиқа ижрочилиги масалалари (нашрга тайёрловчи ва махсус муҳаррир Р. Юнусов), Т., 2001.