Jump to content

Ғижжак

From Vikipediya
Совет маркасида ўзбек чолғу асбоблари

Ғижжак — торли камонли мусиқа асбоби. Ўзбек, тожик, туркман, уйғурларда ва камон, кеманча номи билан Кавказорти мамлакатларида кенг тарқалган. Ўзбек чолғу асбоблари оркестрида ғижжакчилар гуруҳи худди симфоник оркестрдаги камонли созлар гуруҳи (скрипка, алт, виолончел, контрабас) каби етакчилик қилади.

Тарихи

[edit | edit source]

Ўрта аср мусиқа рисолаларида баён этилган ривоятларга кўра ғижжакни (ғипчак номи биланн) Форобий яратган, Ибн Сино дастлабки 2 торини квартага сохтаган,Қулмуҳаммад Удий эса Ғижжакка 3-торни қўшган. Унгача 2 симли ғижжакда ипакдан эшилган ёки симли акс-садо берувчи торлар сони 8-11 тагача бўлган.

Алишер Навоийнинг „Мажолис ун-нафоис“ асарида айтилишича, ғижжакни чала билиш барча сарой созандалари учун шарт бўлган. Ўрта асрда Алижон Ғижжакий, Хўжа Ўзбек Ғижжакий каби санъаткорлар машҳур бўлган.

Ғижжакнинг косахонаси устидаги тери совуқ, нам шароитида чўкиб кетиши, ингичка симларининг овози ноқислиги туфайли Ўзбекистон (айниқса Андижон)да 19-аср охиридан ғижжак ўрнига анъанавий ансамбллар таркибида скрипка ишлатила бошлади. Аммо кейинчалик асбоб мукаммалаштирилди ва ундан яна кенг қўлланила бошланди. 1940-йилларда ғижжакнинг ўзбек халқ чолғулари оркестрида ишлатиладиган алт, бас ва контрабас турлари яратилган. Мазкур оркестрлар таркибида Ғижжакчилар гуруҳи худди симфоник оркестрдаги камонли созлар гуруҳи (скрипка, алт, виолончел, контрабас) каби етакчилик қилади. Ҳозир халқ чолғу оркестрида Ғижжак-бас ўрнига қўбиз-бас (ёки виолончел), Ғижжак-контрабас ўрнигаб контрабаснинг ўзи ишлатилади.

Ғижжакнинг инсон овозига яқин, нозик ва дардли товуши, қочиримларга бой, хонақоий ижро услуби туфайли миллий мумтоз мусиқа ансамблларида асосий ўрин тутади.

Тузилиши

[edit | edit source]

Ғижжакнинг юмалоқ чўмичсимон косаси олдин қовоқ, кокос ёнғоғидан, ҳозирда ёғоч (тут, ёнғоқ) ғўлачасидан ўйиб ясалади ва косаси оғзига тери ёки пуфак тортилади. Пардасиз дастасининг бир учига қулоқлар ўрнатилади, бир учи эса косахона устига жойлашади. Даста билан косахонанинг умумий узунлиги 550-900 мм атрофида.

Ҳозирда ғижжакнинг торлар сони 3-4 бўлиб, кварта-квинтага созланади. Улар дастанинг юқори қисмида жойлашган шайтон харак ва косахона устидаги харакка ётқизилади. Умумий диапазони 4 октавадан ортиқ.

Чалиш услублари

[edit | edit source]

Ўзбекистонда ғижжак ижрочилигининг ўзига хос услублари, асосан, Андижон, Бухоро ва Хоразм анъанавий мактаблари орқали намоён бўлган. Фарғона водийси ҳофизлик санъати ҳамда сурнай ижрочилик анъаналари таъсирида шаклланган Андижон мактаби (Т. Жалилов, Ғ. Ҳожикулов, Э. Рўзибоев, Ю. Юсупов ва бошқалар) майда урғу (аксент)лар, куй тузилмаларини узмасдан чалиш йўллари, сурнайга хос қочиримлар сингдирилганлиги билан ажралиб туради. Комилжон Жабборов, Ғанижон Тошматов, М. Ниёзов, М. Муҳаммедов ижросида „Сурнай Ироғи“, „Ўйин Муножоти“, „Дугоҳи Ҳусайний“ ҳамда „Кезарман“ (Ғ. Тошматов), „Гул мавсуми“ ров) каби ғижжак куйлари машҳур.

Маҳаллий мусиқа анъаналари (айниқса, Шашмақом йўллари) негизида қарор топган Бухоро мактабига ғижжак нинг худди титраётган камонни юрғизиб садоланиши, ҳар бир пардани ўзида тўлқинлатиб (тебраниш) тезлашиши хос. Бухоро ғижжакчилик мактаби намояндаларидан Ҳайдарқул Қоровулбеги (Бухоро амирлари саройларида хизмат қилган), 20-асрда Аминжон Исматов, Само Воҳидов, Ҳикмат Неъматов, Ўлмас Расуловлар ижросида „Сурнай Ироғи“, „Баҳри тавил“, „Камон уфари“, „Зулайҳо“, „Ноз“ (Ў. Расулов) каби намуналари оммалашган.

Хоразм мактаби ижро услуби шиддат, камонни урғу билан тортиш, айни пайтда юмшоқ тўлқинлатиш билан ажралиб туради. Мазкур мактаб вакилларидан Патак-ғижжакчи (машҳур Суяв-бахши дастасида фаолият кўрсатган, 19-аср), Абдулла Мижана, Матёқуб Харратов, Олланазар Ҳасанов, Ҳасанбой Атаевлар талқинида Хоразм мақомлашнинг чолғу йўллари, сурнай йўллари, шунингдек, „Алиқамбар“, „Қалабанди“, „Харротий“ (М. Харратов), „Геч полвон“ сингари куйлар машҳур.

Ишлатилиши

[edit | edit source]

Ғижжак якканавоз чолғу, айни пайтда жўрнавоз соз сифатида ҳам кенг қўлланилмоқда. Туркман, қорақалпоқ, хоразм бахшилари (масалан, Р. Муродов), Андижонда Т. Жалилов, Ғ. Ҳожиқулов, С. Тўхтасиновлар ўзига хос жўрнавозлик йўлларини яратишган, 1970-йиллардан бошлаб ғижжакни якканавоз ва миллий чолғу ансамбли таркибида алоҳида кўрсатиш, унда ўзига хос куй тузилмаларини бадиҳа тарзида чалиш усуллари Абдуҳошим Исмоилов, А. Дадаев ва бошқа ижросида оммалашган. Замонавий техника воситалари (масалан, қисқа чўзимли товушларни ишлатиш йўллари) кенг кириб келиб, полифония ва полимонодия хусусиятларидан фойдаланилмоқда.